Таровеҳ намози хақида

Кисқача:

Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намози ўқилишидир.

Фойдали маълумотни яқинларингизга улашинг! Аллох сиздан рози бўлсин!

Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намози ўқилишидир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) таровеҳ намози хусусида бундай деганлар:

“Ким рамазон кечаларида туриб, ибодат қилиш суннатлигига ишониб, савоб умид этиб ибодат қилса, олдинги гуноҳлари кечирилади” (Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган).

“Таровеҳ” луғатда “ором олдириш, дам бериш” маъноларида келган “тарвеҳа” сўзининг кўплик шаклидир. Истилоҳда Рамазон ойида хуфтоннинг суннати ва витр намози ўртасида ўқиладиган намозга нисбатан ишлатилади. Намознинг ҳар тўрт ракатидан сўнг тўхтаб, дам олингани учун “таровеҳ” деб ном берилган.

Таровеҳ намози йигирма ракат бўлиб, эркак ва аёллар учун суннати муаккададир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳдан савоб умид этиб, Рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, дея марҳамат қилганлар (Бухорий, “Салотут-таровеҳ”, 1; Муслим, “Мусофирин”, 174).

Қуръони каримни тўла ёд билмаган кишиларга Фотиҳа сурасидан сўнг Фил сурасидан бошлаб кичик сураларни қўшиб ўқиш тавсия қилинган (“Зоҳидий ”).

Ҳазрат Умар халифа бўлгач, одамлар тарқоқ ҳолда таровеҳ намозини адо этаётганларини кўриб, бу намозни жамоат билан ўқишни яна жорий қилдилар. Ҳазрат Али ҳам: “Умар масжидларимизни таровеҳнинг файзи ила нурлантирганидек, Аллоҳ ҳам Умарнинг қабрини шундай нурлантирсин”, дея дуо қилиб, бу ишдан мамнун бўлганларини билдирганлар.

Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон ва Ҳазрати Али даврларидан бошлаб, ҳозирги кунгача таровеҳ намози йигирма ракат ўқилади. Саҳобалардан ҳеч ким бунга эътироз билдирмаган, уламолар тарафидан ҳам шу шаклда ўқиш қабул қилинган.

Ҳукми

Рамазон ойида таровеҳ намозини ўқиш эркак ва аёлларга суннати муаккададир. Таровеҳ намозини жамоат билан ўқиш суннати кифоядир.

Вақти

Таровеҳ намози хуфтон намозининг суннатидан сўнг витр намозидан олдин ўқилади.

Нияти

“Таровеҳ намозини (ё шу вақтнинг суннатини) юзимни Каъбанинг бир томонига қилиб, холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим”, деб кўнглидан ўтказилади.

Ракатлари сони

Таровеҳ намози йигирма ракатдир. Ҳар икки ракатдан сўнг салом берилади.

Ҳар тўрт ракатдан сўнг, яъни икки саломдан кейин ҳамда витр намозидан олдин тўрт ракат намоз ўқиш миқдорича дам олинади. Дам олишда, истаса, тасбеҳ ё таҳлил айтади ё жим ўтиради. Тасбеҳ айтиш мустаҳабдир.

Таровеҳ намозининг ҳар икки ракатининг биринчи ракатида имом ва қавм сано ўқийди. Имом тааввуз ва тасмия айтади. Руку ва сужуд тасбеҳлари учтадан айтилади. Қавма ва жалсага риоя этиш суннатдир.

Қироати

Барча намозларда, жумладан, таровеҳ намозида ҳам қироатни тажвид талабларига мувофиқ қилиш фарздир. Қироатда овоз гўзаллиги эмас, унинг тўғрилиги муҳимдир. Шунинг учун қироатни тўғри қилувчи одам имомликка ўтказилади. Таровеҳ намози давомида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш суннатдир. Салаф уламоларимиз, Лайлатул қадр умидида Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси таровеҳида хатм қилишни мақбул кўришган. Бунинг учун Қуръони карим оятлари 540 рукуга тақсим этилиб, мусҳафларга белги қўйилган.

Барча намозлардаги каби таровеҳ намозида ҳам жамоатнинг кўплиги афзалдир. Шунинг учун имом таровеҳ намозида жамоат тоқатига мувофиқ миқдорда қироат қилиши лозим. Мутааххир уламоларимиз жамоат тоқатидан келиб чиқиб, таровеҳ намозида бир узун ё уч қисқа оят ўқиш мумкинлигига, яъни, Аср ва Ихлос каби сураларни ўқиш жоизлигига фатво беришган.

Бу ўринда шуни таъкидлаш лозим: таровеҳ намозида, жамоатга малол келади, деган ўйда намознинг суннатлари асло тарк этилмайди. Саловот ўқилади. Саловатдан кейинги дуони ўқимаслик жоиз.

Рамазон ойи давомида витр намози таровеҳ намозидан сўнг жамоат билан ўқилади.

“Ҳидоят” журнали материаллари асосида тайёрланди.

Таровеҳ намози қандай уқилади?

Таровеҳ – истироҳат маъносидаги "тарвиҳа" сўзининг кўплигидир. Тўрт ракат ўқиб, ортидан дам олингани учун бу намоз шундай номланган.

Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намози ўқишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намози ҳақида шундай деганлар: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимки иймон ва ишонч билан, савоб умидида рўза тутса ва кечалари қоим турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок бўлади” (Имом Насоий ривоятлари).

Рамазоннинг кечаларида қоим бўлиш, деганда таровиҳ намозини адо этиш тушунилади. Демак, ихлос билан савоб умидида Рамазон рўзасини тутиб, таровеҳ намозларини ўқисак, Рамазон ойи тугаши билан онадан туғилган боладек гуноҳлардан фориғ бўламиз, иншааллоҳ.

Таровеҳ намозини ўқиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам таъкидланган суннатдир. Таровеҳни ёлғиз ўқиш мумкин, лекин жамоат бўлиб ўқилса, жамоатга ваъда қилинган ажру савобга эришилади. Икки киши ҳам жамоат ҳисобланади. Қанча жамоат кўп бўлса, шунча савоби ҳам кўп бўлади.

Таровеҳ намозига азон ва такбир айтилмайди.

Таровеҳнинг ракатлари: Таровеҳ йигирма ракатдир. Ҳар икки ракатдан сўнг салом берилади. Тўрт ракатдан ўқиш ҳам жоиз. Ҳар тўрт ракат ўқилгандан сўнг тўрт ракат намоз ўқиладиган муддатча дам олиш мустаҳаб. Ушбу истироҳат пайтида тасбиҳ, таҳлил айтиш афзал. Бизнинг юртимизда қуйидагича тасбиҳни уч марта айтиш одат бўлган: Субҳаана зил мулки вал малакут. Субҳаана зил ъиззати вал ъазомати вал қудроти вал кибрияяяи вал жабарут. Субҳаанал маликил ҳаййиллази лаа янааму валаа ямуут. Суббуҳун қуддусун роббунаа ва роббул малааикати варруҳ. Лаа илааҳа иллаллоҳу настағфируллоҳ, насалукал жанната ва наъузу бика минан-наар.

Ушбу тасбиҳни бир киши ўқийди, қолганлар қулоқ солади. Тасбиҳни ёд олгунга қадар китобдан ўқиса ҳам бўлади. Юқоридаги тасбеҳнинг ўрнига киши ўзи билган дуоларини ўқиши ёки жим туриши ҳам мумкин.

Таровеҳнинг вақти – Хуфтон ва унинг суннатидан кейин бошланиб тонг отгунгачадир. Таровеҳни витрдан олдин ўқиш афзал. Витрдан кейин ўқиса ҳам жоиз. Ёлғиз намоз ўқигувчи киши Рамазонда ҳам витрни ёлғиз ўқиши мумкин.

Таровеҳнинг нияти – “Икки ракат таровеҳ намозини ўқишни ният қилдим, юзимни қиблага қаратдим, холисан лиллаҳи таоло Аллоҳу акбар”. Агар имомга иқтидо қиладиган бўлса, ниятга “ушбу имомга иқтидо қилдим” деган жумлани қўшади.

Таровеҳда қироат – Рамазон ойида Таровеҳ намози ўқиш давомида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш суннатдир. Қуръони каримни тўла ёд олмаган киши ҳар ракатда “Фотиҳа” сурасидан сўнг ўзи яхши билган сурани ўқиши мумкин, ҳатто “Фотиҳа” сурасидан бошқа фақат битта сурани билган киши Таровеҳнинг ҳар ракатида шу сурани зам сура қилиши мумкин.

Таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқилса, имом овоз чиқариб қироат қилади. Унга иқтидо қилганлар қироат қилмасдан тинглаб туради. Таровеҳни ёлғиз ўқувчи эркак кишилар эса ихтиёрли, хоҳласа овоз чиқариб, хоҳласа овозсиз қироат қилади.

Витр намозини фақат Рамазон ойида жамоат бўлиб ўқилади. Бунда имом витрнинг ҳар уч ракатида жаҳрий қироат қилади. Қунут дуосини имом ҳам, муқтадийлар ҳам ичларида ўқийдилар (“Ал-Фатовол ҳиндийя” ва “Фатҳу бобил иноя” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати